Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29562 марта ўқилди

Медиацияга оид келишув 3 турда тузилиши мумкин:

медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув — низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув — тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;

медиатив келишув — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув шартномадаги унинг таркибий қисми бўлган шарт тарзида ёки алоҳида келишув тарзида ёзма шаклда тузилади.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда тарафлар ўртасида келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган барча ёки муайян низолар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш йўли билан ҳал этилиши кераклиги ҳақидаги қоида бўлиши лозим.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишувда низо предмети ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ харажатларда тарафларнинг иштирок этиш шартлари ҳақидаги, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар бўлиши мумкин.

Медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув мазмуни
  • тарафлар;
  • низо предмети;
  • медиацияни амалга ошириш тартиби, медиатор, келишилган мажбуриятлар, уларни бажариш шартлари ва муддатлари;
  • медиация амалга ошириладиган тил, жой ва сана;
  • медиация муддати.

Медиатив келишув

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.

Медиатив келишув бажарилмаслик оқибатлари

Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар судга мурожаат этишга ҳақли.

Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.

Медиаторга ҳақ тўлаш

Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин.

Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади.

Нопрофессионал медиаторга унинг медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қилган харажатларининг, шу жумладан низони кўриб чиқиш жойига бориб келиш учун йўл ҳақи, яшаш ва овқатланиш харажатларининг ўрни қопланиши мумкин.

Ҳақ тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш тарафлар томонидан, агар улар бошқача қоида ҳақида келишиб олмаган бўлса, тенг улушларда амалга оширилади.

Медиатор медиация тартиб-таомилини амалга оширишни рад этган тақдирда, у медиация тарафлари томонидан ўзига тўланган пул маблағларини қайтариб бериши шарт.

Chat