
Товар тўлиқ ишлаб чиқарилган ёки ушбу бобда белгиланган талабларга мувофиқ етарли даражада қайта ишланган мамлакат товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳисобланади. Бир гуруҳ мамлакатлар, мамлакатларнинг божхона иттифоқлари, минтақа ва (ёки), товар ишлаб чиқарилган жойни аниқлаш мақсади ажратиб кўрсатишни тақозо этса, бирор мамлакатнинг муайян қисми товар ишлаб чиқарилган мамлакат деб ҳисобланиши мумкин.
1) унинг ҳудудидан, ҳудудий сувларидан, қитъа шельфидан ёки денгиз тубидан қазиб олинган фойдали қазилмалар, агар мамлакат ушбу ер қаъри бойликларини қидириш ва қазиб олиш учун мутлақ ҳуқуққа эга бўлса;
2) мамлакат ҳудудида етиштирилган ёки йиғиб олинган ўсимлик маҳсулотлари;
3) мамлакатда туғилган ва парвариш қилинган тирик ҳайвонлар;
4) мамлакатда етиштирилган ўсимлик маҳсулотларидан ва ҳайвонлардан олинган маҳсулот;
5) мамлакатда тайёрланган овчилик, балиқчилик ва денгиз ови маҳсулоти;
6) мамлакат кемаларида ёки ижарага олган (фрахт қилган) кемаларида жаҳон океанида овланган ва (ёки) тайёрланган денгиз ови маҳсулоти;
7) мамлакатда амалга ошириладиган ишлаб чиқариш ёки бошқа операцияларнинг маҳсули бўлган иккиламчи хом ашё ва чиқиндилар;
8) мамлакатга тегишли бўлган ёки у ижарага олган космик кемаларда очиқ коинотдан олинган юқори технологиялар маҳсулоти;
9) мамлакатда ушбу моддада кўрсатилган маҳсулотдангина ишлаб чиқарилган товарлар.
Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайдиган, экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилган, шу жумладан электрон шаклда берилган ҳужжатдир.
Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан божхона божининг 2 баравар оширилган ставкаси қўлланилади.