Баъзида божхона назорат постларидан товарлар, буюмлар ва турли ашёларни олиб ўтишда божхона экспертизаси тайинланади.
Божхона кодексининг 208-моддасида божхона экспертизаси тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:
божхона экспертизаси товарларни идентификациялашга қаратилган ҳамда эксперт томонидан фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар асосида тадқиқотлар ўтказиш ва хулоса беришдан иборат процессуал ҳаракатдир.
Божхона экспертизасининг мақсади товарларни:
— Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасига мувофиқ товарнинг таснифланиши тўғри бўлишини назорат қилиш учун;
— уларни қайта ишлаш маҳсулотларида;
— интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга риоя этилиши учун идентификациялашдан иборатдир.
Божхона экспертизасининг асосий вазифаси импорт қилинаётган маҳсулотларнинг ТИФ ТНга хос халқаро код рақамларини тўғри белгиланганлигини илмий асосда тадқиқ қилишдан иборат.
Товарлар (товарнинг намуналари ва нусхалари), божхона декларациясида ва бошқа ҳужжатларда товарлар тўғрисида кўрсатилган маълумотлар, идентификациялаш белгилари тадқиқот объектларидир.
Божхона органларининг эксперт фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этилган махсус божхона муассасаси божхона органларининг эксперт муассасасидир.
Божхона экспертизаси натижасида товарларни таҳлил қилинади, уларнинг кимёвий таркиби, тузилиши, органолептик, физик-кимёвий ва бошқа кўрсаткичлари ҳамда товарларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига оид маълумотлар тўпланади. Бу эса ўз навбатида товарларни тўғри номлаш, рўй бериши мумкин бўлган қатор баҳсли ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчи манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.
Божхона экспертизасини ўтказиш учун товарлардан намуна ва синамалар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 мартдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тизимида товарларнинг намуналари ва синамаларини тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низом асосида олинади ва божхона экспертиза лабораториясига тақдим қилинади.