Аризаларни Инсон ижтимоий хизматлар маркази ҳамда маҳаллалардаги ижтимоий ходим ёки 1140 қисқа рақами орқали юбориш мумкин.
Жорий йилнинг 1 майидан Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси учун йил давомида компенсация тўлаш йўлга қўйилди. Илгари компенсация фақат қиш мавсумида — ноябрь-февраль ойларида берилган бўлса, эндиликда ҳар ой тўлаб берилади.
1 июндан эҳтиёжманд оилалардан компенсация учун аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Компенсациялар Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестирига киритилган оилаларга берилади. Бунда оила аъзоларига тўғри келадиган ойлик даромад 669 минг сўмдан кам бўлиши лозим.
Шу билан бирга, икки реестрга ҳам кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир аъзога 1 млн сўмдан кам бўлган оилалар ҳам ушбу ёрдамдан фойдаланиши мумкин.
Аризалар Инсон ижтимоий хизматлар маркази, маҳаллалардаги ижтимоий ходим ҳамда 1140 телефон рақами орқали қабул қилинади.
Компенсация қуйидаги тартибда ажратилади:
электр учун — ойига базавий меъёрдан (200 кВт соатдан) ортиқ фойдаланилган 150 кВт соатгача;
газ учун — иситиш мавсумида базавий меъёрдан (500 куб метр) кўп фойдаланилган 250 куб метргача, бошқа даврларда (100 куб метр) эса 150 куб метргача қисмига.
2024−2025 йилги иситиш мавсуми учун кам таъминланган оилаларга 313,6 млрд сўм ёрдам берилган. Жориий йилда жами 1,33 трлн сўм миқдорида компенсация ажратилиши режалаштирилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2024 йилнинг ноябрида 1,1 млнта оилага бир марталик 270 минг сўмдан ёрдам пули ажратган. Жами миқдори — 290 млрд сўм.
Шунингдек, иситиш мавсумида табиий газ ва электр қувватининг базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ учун (2024−2025 йил декабрь-апрель) 207 962 нафар оилага 23,3 млрд сўм компенсация ажратилди.
Аввалроқ Электр энергияси тарифларининг оширилиши истеъмол ҳажмини 10% га камайтиргани ҳақида хабар берилганди. Ўтган йили 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчилар сони 58% ни ташкил этди.