Шрифт ўлчами
Кўриниш
“Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасини рақамлаштириш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–311-сон, 20.10.2025 й.) қабул қилинди.
Соҳани яхлит рақамли трансформация қилиш ҳамда илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш доирасида истиқболдаги асосий вазифалар этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
► 2028 йил 1 декабрга қадар фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни жорий этиш орқали рақамлаштириш даражасини 60 фоизга етказиш;
► 2030 йилга қадар соҳага зарур бўлган импорт қилинаётган авария-қутқарув ва ёнғин-техник маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоизга етказиш;
► соҳага оид инновацион маҳсулотларни яратиш, синов-тадқиқот ишларини, мувофиқликни баҳолаш тизимини ва ёнғин-техник экспертизасини янада ривожлантириш.
2026 йил 1 декабрга қадар идоралараро рақамли жамоа томонидан ягона технологик талаблар асосида фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳаси яхлит рақамлаштирилади.
2027 йил 1 декабрга қадар вазирлик ва идораларнинг тегишли ахборот ресурслари ва тизимлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ахборот-таҳлилий платформаларига интеграция қилинади.