Нафақат мажбуриятларни бажариш, балки аҳолининг манфаатини ўйлаб давлатимиз томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишни самарали йўлга қўйишга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Давлат томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими ҳам яратилган.
“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори ўринбосари Учқун Ҳакимов шу ҳақда маълумот берди:
– Мамлакатимиз Конституциясида ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши белгиланган. Мазкур конституциявий нормани амалда таъминлаш учун “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
2023 йил 18 сентябрда кучга кирган мазкур қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик, маъмурий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.
Қолаверса, бугунги кунда адвокатлар томонидан ҳам бепул, беғараз юридик ёрдам кўрсатиш амалиёти мавжуд. “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ҳам аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича, шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини оширишга кўмаклашилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 майдаги фармони билан 148 туман ва шаҳарда ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди. Ҳозирда жойлардаги давлат хизматлари марказлари биносида ҳам тизим ходимлари фаолият юритмоқда.
“Мадад” ННТ ва унинг жойлардаги ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига, биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар)га ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг биринчи чорагида 90 минг нафардан ортиқ фуқаро мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган ёки бошқа ҳаётий муҳим масалалар юзасидан малакали юридик ёрдам олди.
Мурожаатлар таҳлилига қараганда, уларнинг аксарият қисми ижтимоий ҳимоя, пенсия ва нафақа масалалари, суд-ҳуқуқ, оилавий муносабатларга тааллуқлидир. Таҳлиллар мурожаатлар сони 2024 йилнинг шу даврига мос равишда 60 фоизга ошганини кўрсатди.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлиги оширилмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан яратилган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали ҳам “Мадад” томонидан юритилмоқда. Порталда ҳуқуқий соҳага оид 40 та бўлим мавжуд бўлиб, уларга 3 мингга яқин контентлар ўзбек ва рус ҳамда инглиз тилларида киритилган.
Порталдан фойдаланувчилар сони 10 миллиондан ошган бўлиб, бир кунлик фойдаланувчилар сони ҳозирда ўртача 12 минг нафарни ташкил этмоқда.
“Gender-Madad” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи платформасидаги ҳуқуқий маълумотларнинг аксарият қисми оилавий муносабатлар, аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси, уларга яратилган имтиёзлар, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш каби масалаларга оид.
“Biznesga maslahat” портали тадбиркорларга ёрдамчи бўлмоқда. Унда тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган ҳужжатларнинг намунавий шакллари ҳам жойлаштирилган.
Муҳим лойиҳалардан яна бири – бу “Бола ҳуқуқлари портали” бўлиб, у 14 ёшгача бўлган болалар ҳамда ота-оналарга мўлжалланган.
Адлия вазирлигининг “1008” ва “1148” ишонч телефонларига тушаётган мурожаатлар бўйича ҳам “Мадад” иш олиб бормоқда. “1008” ишонч телефони орқали жорий йилнинг 1-чораги давомида 13 минг 472, “1148” ишонч телефони орқали 28 минг 133 қўнғироқ қабул қилинди. Мурожаатларнинг аксарияти қонуний асосда ўз ечимини топди.