Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10-июн куни пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида иштирок этди.
Тадбирда Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фитсо, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Касималиев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо ва Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф ҳам қатнашди.
Умуман, форумга 100 дан зиёд мамлакатдан 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 3 мингга яқин хорижий меҳмон ташриф буюрди. Бу йилги тадбир янги, кенгайтирилган шаклда ўтказилмоқда. Унинг доирасида илк бор Ўзбекистон компанияларининг лойиҳалари ва қўшма ташаббуслари намойиш этилаётган ихтисослашган кўргазма ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари форумдаги нутқини дунёдаги бугунги вазиятнинг қисқача таҳлилидан бошлади. Бугунги кунда геосиёсий жараёнлар шиддат билан ўзгариб, глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётга таҳдидлар кучайиб бораётгани таъкидланди.
Иқтисодий инқирознинг кескинлашуви ва молиявий ресурслар тақчиллиги натижасида жаҳон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръатлари кетма-кет учинчи йил пасаймоқда.
Ўзбекистон раҳбари минтақавий можаролар ва муаммоларни фақат дипломатик воситалар билан, халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплари асосида, БМТ резолюцияларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади.
- Мен ҳозир таъкидлаб ўтган муаммолар бўйича барча шерик давлатларимизни очиқ ва кенг кўламли халқаро ҳамкорликка чақирамиз. Чунки форумнинг асосий мавзуси бўлган инвестициялар – фақат иқтисодий тараққиётнинг эмас, балки тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир, - деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон етакчиси нафақат даромад келтирадиган, балки инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва жамият тараққиётини таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган инвестиция муҳитини яратишга чақирди.
Мамлакатимиз иқтисодий тараққиётни таъминлаш борасидаги ютуқларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сўнгги 8 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти икки баробар кўпайди. Бу кўрсаткични 2030-йилга бориб 200 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. 2024-йилда инвестициялар ҳажми 35 миллиард долларга, экспорт эса 27 миллиард долларга етган.
Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 48 поғонага, Гарварднинг Иқтисодиёт мураккаблиги индексида 28 поғонага кўтарилди.
Ўтган ойда нуфузли “С&П” агентлиги Ўзбекистоннинг суверен рейтинги бўйича прогнозини "барқарор"дан "ижобий"га кўтарди.
Бугун жаҳон иқтисодиёти янги ўзгаришлар остонасида турганини таъкидлар экан, Ўзбекистон Президенти тўртта муҳим йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди.
Биринчиси - "яшил" иқтисодиёт моделига ўтиш.
- Биз иқтисодиётни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш учун айнан “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаттиқ бел боғлаганмиз, - деди мамлакатимиз етакчиси.
Кейинги йилларда бу соҳага қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт соатга ошди. Келгуси 5 йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, "яшил" энергия улуши 54 фоизга етади.
Электр тармоқларини янгилашга ҳам 4 миллиард доллар жалб қилинади. Жорий йилда Самарқанд шаҳрида, келгуси йилда яна 8 та ҳудудда электр тармоқлари хусусий шерикликка берилади.
Биринчи марта "яшил сертификатлар" ва углерод бирликлари савдосини йўлга қўйиш режалаштирилган. Ўзбекистон глобал углерод бозорларига қўшилади, "Яшил Ўзбекистон" иқлим инвестициялари платформаси яратилади.
Иккинчидан, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект иқтисодиётнинг янги "драйвери"га айланмоқда.
- Мамлакатимизда шу йилнинг ўзида ИТ экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030-йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли, - деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Хусусан, Халқаро сунъий интеллектга тайёрлик индексида мамлакатимиз бир йилда 17 поғонага кўтарилди.
Келгуси йилда "Булутли технологиялар" миллий платформаси ишга туширилади. Яқин 5 йилда хусусий инвесторлар билан бирга 500 мегаваттдан зиёд қувватли 20 та дата-марказ барпо этилади.
Бой тарихимиз, қадриятларимиз ва янги креатив ғояларни мужассам этадиган миллий сунъий интеллект моделини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Ушбу тизим самарадорлигини таъминлаш мақсадида "Бир миллион сунъий интеллект етакчилари" лойиҳаси бошланди.
Давлатимиз раҳбари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Ўзбекистон нуфузли ИТ ва финтех хабига айланишига ишонч билдирди.
Учинчидан, молиявий тизим ва технологиялар тубдан ўзгармоқда.
- Биз яқинда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан бирга Ўзбекистон молия секторини илк бор комплекс баҳолашдан ўтказдик. Улар банк, молия, суғурта, капитал бозоридаги ислоҳотларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлади, - деди давлатимиз раҳбари.
Бу соҳаларни кейинги босқичга олиб чиқиш учун Молиявий барқарорлик кенгаши тузилади, Марказий банк ҳузурида киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари ишга туширилади.
Суғурта тизимида ислоҳотлар бошланди, Миллий қайта суғурталаш компанияси ва Глобал қайта суғурталаш рақамли платформаси ташкил этилди.
Стартаплар учун муқобил молиявий восита - венчурлар жадал ривожланмоқда. Масалан, ўтган йили иккита миллий стартап компаниясининг қиймати илк бор 1 миллиард доллардан ошди.
Бундай компанияларни кўпайтириш мақсадида "Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Келгуси 5 йилда венчур ва бошқа муқобил инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларга етказилади.
Яна бир йўналиш - "Тўртинчи саноат инқилоби" шароитида технологик минералларга талаб бир неча баробар кўпаймоқда.
Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захиралари аниқланган. Ер ости бойликларимизнинг умумий салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда.
- Минтақамизнинг минераллардан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш “хаби”га айланиши учун барча имкониятлар мавжуд. Бу борада Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки”ни бунёд этмоқдамиз, - деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис геология-қидирув ишларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйган инвесторларга 10 йил давомида рента солиғини қайтариб бериш таклиф қилинди.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида "Янги Ўзбекистон - инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати" тамойилини амалда рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратди.
Биринчидан, Ўзбекистон келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мақсад қилган. Бу борада ўнлаб қонунлар, юзлаб стандартлар халқаро талабларга мослаштирилди. Бу жараён жорий йилда тўлиқ якунланади.
Иккинчидан, хорижий инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатлайдиган "миллий режим", давлат идоралари билан ўзаро ҳамкорликда "ягона дарча" тамойили жорий этилади, инвестиция фаолиятини кафолатли ҳимоя қилиш тизими яратилади.
Бундай чора-тадбирлар орқали 2030-йилга бориб Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “инвестицион” даражага кўтариш режалаштирилган.
Учинчидан, давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларни мамлакат фаровонлиги ўсишига хизмат қиладиган йирик активларга айлантириш йўли танланди.
18 та йирик компания ва банклардаги қарийб 2 миллиард долларлик давлат улушларини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилди. Жамғармани бошқаришга нуфузли “Франклин Темплетон” халқаро компанияси жалб қилинган. Келгуси йилда фонд акциялари пакетини халқаро ИПОга чиқариш режалаштирилган.
Бундан ташқари, профессионал консультантлар жалб қилиниб, икки йил ичида 29 та йирик давлат компанияси хусусийлаштирилади.
Тўртинчидан, хусусий капитални жалб этган ҳолда транспорт ва логистикани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Масалан, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторларга бошқарувга берилган.
Урганч аэропортини бошқаришга жаҳоннинг етакчи "Инчхон" компанияси жалб этилди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича тендерлар ўтказилади.
Бундан ташқари, пойтахтимиз аҳолиси 5 миллиондан ошишини инобатга олиб, 2 миллион аҳолига мўлжалланган Янги Тошкент шаҳри барпо этилади. Бу ерда аэропорт, темир йўл ва автомобил транспортини боғлайдиган, йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган мультимодал хаб қурилади.
Бешинчидан, Марказий Осиёда мутлақо янги ҳамкорлик муҳити шаклланди. Сўнгги 8 йилда қўшни давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми 3,5 баробардан зиёдга ўсиб, қарийб 13 миллиард долларни ташкил этди.
Йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бошланди, йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёда "Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд" концепциясини илгари суришни таклиф этди.
- Шу ўринда халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчиман: минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз, - деди Президент.
Сўзининг якунида Ўзбекистон раҳбари иштирокчилар эътиборини мамлакатимиз учун инвестициялар шунчаки молиявий ресурс эмас, балки технологиялар, билимлар, малакали кадрлар, шунингдек, халқаро ишлаб чиқариш занжирларига интеграциялашув эканига қаратди.
- Ўзбекистон мана шундай эзгу ғоялар билан келадиган хорижий инвесторларга барча шароитларни яратиб беради, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва буни кафолатлайди, - деди мамлакатимиз етакчиси.
Ялпи мажлисда сўзга чиққанлар Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолаб, мамлакатимиз билан устувор тармоқларда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Тошкент халқаро инвестиция форуми 12-июн куни ўз ишини якунлайди.
Эртага Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида Хорижий инвесторлар кенгашининг ялпи мажлиси бўлиб ўтади.