Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 7 октябрь кунги мажлисида депутатлар шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.
Қонун лойиҳаси Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Жавлон Абдуллаев томонидан тақдим этилди.
Қонун лойиҳаси билан Фуқаролик кодексига, Меҳнат кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини кафолатлашни, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти шаффофлигини янада мустаҳкамлашни, меҳнат муносабатларида ходимларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жавлон Абдуллаев қайд этишича, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар берган таклифлардан келиб чиқиб, ҳар хил ёндашувларнинг олдини олиш, қонун нормаларининг аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида айрим ўзгартиришлар киритилган.
У қонунга киритилган биринчи ва иккинчи ўқиш ўртасидаги ўзгартиришларга тўхталиб ўтди:
«Биринчидан, Фуқаролик кодексига янги киритилаётган 100−1-моддада 16 ёшга етмаганларни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишда розилик беришда ота-онасининг ҳар иккиси розилиги тушуниб қолинмаслиги учун розилик уларнинг ота-онасидан бири ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бири томонидан берилади деб ўзгартирилди. Таъкидлаш керакки, мазкур ўзгартириш бўйича болалар омбудсманининг ҳам ижобий хулосаси олинди», — деди маърузачи.
«Иккинчидан, 100−1-моддада қонун нормасини тўғри тушуниш ва қўллаш учун жамоат жойи тушунчасининг таърифи берилмоқда. Бироқ, мазкур таърифни қонунчиликда ишлатилаётган барча жамоат жойлари учун универсал таъриф қилиш нотўғри бўлади. Чунки жиноят ва маъмурий қонунчиликда жамоат жойлари ибораси нисбатан торроқ доирани қамраб олади. Шунинг учун Фуқаролик кодексида берилаётган ушбу таърифни фақат мазкур моддада белгиланаётган фуқаролик муносабатларида қўллаш мақсадида таҳририй тузатиш киритилди», — дея қайд этди Абдуллаев.
«Учинчидан, худди шу моддада шахсларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишини тақозо этадиган жойларда видеокузатув камераларини ўрнатиш ва шахсларни тасвирга олиш тақиқланиши белгиланган эди. Ушбу ҳолатда „қисман кийимсиз“ жумласи ҳуқуқда қўллашда турли талқинга сабаб бўлишини инобатга олиб, таҳририй тузатишлар киритилди. Хусусан, видеокузатув камераларини ўрнатиш мумкин бўлмаган жойлар доираси, жумладан кийиниш хоналари, ҳожатхоналар каби жойларда видеокузатув тизимлари ўрнатиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилмоқда», — деди у.
«Шу билан бирга мазкур лойиҳа билан шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишга фақат ушбу шахснинг розилиги билан йўл қўйилишига оид умумий қоида белгиланаётганлиги боис, шахсларнинг кийиниб-ечинадиган жойларда тасвирга олиш масаласи ушбу қисмдан чиқарилмоқда. Шу муносабат билан бундай жойларда тасвирга олиш масаласи ҳар бир шахснинг мустақил ҳуқуқи ҳисобланади ва ушбу қисмдаги тақиқ доирасидан чиқарилмоқда», — деди Жавлон Абдуллаев.
Шунингдек, лойиҳа матнига айрим аниқлаштирувчи, таҳририй ва юридик-техник характерга эга бўлган кичик тузатишлар ҳам киритилган. Бундан ташқари, лойиҳа лингвистик экспертизадан ўтказилган, юридик бошқарманинг ижобий хулосаси олинган. Сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида қонун лойиҳаси маъқулланиб, овоз берилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−1-моддасига киритилаётган янги норма юзасидан саволлар келиб тушди.
«Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Зуҳриддин Мавлонов айтишича, киритилаётган ўзгартиришлар билан, ушбу модда қуйидаги иккита қисмдан иборат бўляпти:
Агар шахс ноошкора (яширин) ахборот воситаларидан фойдаланиб маълумотни тарқатса — у ҳолда у бир вақтнинг ўзида икки қисми бўйича жавобгар бўлиб қолиши мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, у иккинчи қисмдаги ҳуқуқбузарлик ноошкора усул билан қилингани учун оғирроқ ҳисобланиши кераклиги, жазо миқдори ҳам каттароқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бунга жавобан, Жавлон Абдуллаев агар шахс яширин техника воситалари орқали бошқанинг шахсий маълумотини олса ва тарқатса, у ҳолда бу ҳаракат иккала қисмга ҳам тўғри келишини айтди. Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига кўра, бир нечта ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, фақат оғирроқ модда бўйича жазо қўлланилади. Яъни, бунда иккинчи қисми — оғирроқ қисми бўлгани учун, шу қисми асосида жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, иккинчи қисм ҳақиқатда оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Шу сабабли, санкция оғирроқ қилиб белгиланган ва унга қўшимча равишда ҳуқуқбузарлик воситаларини (яширин техника ускуналарини) мусодара қилиш ҳам киритилган.
Депутат Даврон Орипов эса ушбу модданинг иккинчи қисмини ортиқча деб топди. Унинг таъкидлашича, иккинчи қисмда кўрсатилган ҳолатлар (ноошкора техника воситаларидан фойдаланиш) — аслида биринчи қисмидаги «розилигисиз, қонунга хилоф равишда маълумот олиш» тушунчасига тўлиқ киради. Шунинг учун иккинчи қисм айни бир ҳуқуқбузарликни такрорлаётгандек кўрилади. Фақат фарқи шундаки — иккинчи қисмда ҳуқуқбузарлик усули (яширин техника воситаси) алоҳида ажратиб кўрсатилган, лекин бу алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида эмас, балки биринчи қисмдаги ҳаракатни содир этиш усули сифатида қаралиши керак.
У иккинчи қисмни алоҳида санкция сифатида киритишдан кўра, биринчи қисмига «ҳуқуқбузарлик ашёларини (яширин техника воситаларини) мусодара қилиш» деган қўшимчани киритишни таклиф қилди.
Бунга жавобан, Жавлон Абдуллаев биринчи ва иккинчи қисмлар ўртасидаги фарқни тушунтирди. Унга кўра, биринчи қисмда — шахс бошқанинг шахсий ёки оилавий сирини амалда йиғиб ёки тарқатиб бўлган бўлиши керак. Яъни, ҳуқуқбузарлик натижаси бор: маълумот ҳақиқатан қўлга киритилган ёки тарқатилган. Иккинчи қисмда эса — шахс яширин техника воситасини қўйиб, фойдаланиб, маълумотни олишга уриниб, лекин ҳали маълумотни олмаган бўлиши мумкин. Шунинг ўзи — яъни шахсий маълумотни ноқонуний олишга тайёргарлик кўриш ёки уринишнинг ўзи — алоҳида ҳуқуқбузарлик сифатида жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу эса депутатлар орасида амалда содир этилмаган ҳаракат учун жавобгарлик белгиланаётгани юзасидан муҳокамаларга сабаб бўлди. «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов фақат фойдаланганликнинг ўзи учун жавобгарлик белгилаётгани боис, бу маъмурий ҳуқуқнинг асосий принципларига зид эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат жиноят ҳуқуқидаги «тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш»га ўхшайди, аммо маъмурий ҳуқуқда бундай институт мавжуд эмас. Маъмурий ҳуқуқда фақат амалда содир этилган ҳаракат учун жавобгарлик белгиланади, тайёргарликнинг ўзи учун эмас.
Ширинов иккинчи қисмни қуйидагича қайта таҳрир қилиш таклифини берди: «Ахборотни ноошкора олишга мўлжалланган техник воситалардан фойдаланган ҳолда, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда қайд этиш, йиғиш ёки тарқатиш».
Бироқ Адлия вазири ўринбосари Маҳмуд Истамов Конституцияда «шахсий ҳаёт дахлсизлиги» ва «шахсий сир» алоҳида ҳуқуқлар сифатида кўрсатилгани, яширин техника воситаларидан фойдаланишнинг ўзи — шахсий ҳаёт дахлсизлигига тажовуз эканини қайд этди. Шунинг учун бу ҳолатни алоҳида маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида киритишни тўғри ва асосли таклиф деб атади.
Шундан кейин Ширинов «фойдаланиш» тушунчасини аниқлаштиришни сўради. Бу сўз ўрнига ёки унинг ёнида аниқ ҳаракатни билдирадиган тушунча киритилиши керак, деди у. Чунки «фойдаланиш» деганда фақат техника воситасини қўлга олиш ёки уни қўйиш назарда тутилса, у ҳолда ҳеч қандай ҳаракат ёки натижа бўлмаган ҳолат учун жавобгарлик келиб чиқади. Бу эса амалда «тамом бўлмаган ҳуқуқбузарлик» учун жавобгарлик, яъни жиноят ҳуқуқидаги суиқасд ёки тайёргарлик босқичи каби ҳолат бўлиб қолади. Маъмурий ҳуқуқда эса бундай институт йўқ — фақат амалда содир этилган ҳаракат ёки натижа учун жавобгарлик белгиланади.
Жавлон Абдуллаев бу таклифга қўшилди. «Фойдаланиш» дегани фақатгина техника воситасини ёнида олиб юриш, ёки ғилофидан чиқариш эмас, бундай ҳолатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди, деди у. «Фойдаланиш» сўзи нормада маълумотни реал йиғиш ёки қайд этишни бошлаш маъносида тушунилиши керак. Шунда моддадаги ҳуқуқий доира аниқ ва чекланган бўлади — ҳар кимнинг қўлида техника бўлгани учун эмас, балки унинг ишга туширилиши орқали шахсий ҳаёт дахлсизлигига тажовуз қилинганда жавобгарлик юзага келади.
Муҳокамалар сўнгида қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги худди шундай қонун лойиҳасини 2020 йилнинг февраль ойида муҳокама учун эълон қилганди, ўшанда порталда 48 та шарҳ тўпланган, уларнинг аксарияти сўз эркинлигига таҳдид мавжудлиги сабабли қонун лойиҳасига қарши эди.
2025 йилнинг март ойида Адлия вазирлиги шахсларни уларнинг розилигисиз фото ва видеога олиш тақиқланиши белгиланган қонун лойиҳасини яна эълон қилди. Агар беш йил аввал фуқаро тасвиридан фойдаланиш деганда уни тарқатиш, қайта ишлаш ва намойиш этиш тушунилган бўлса, эндиликда бу тушунча ошкор этиш, сақлаш ва чоп этишни ҳам қамраб олиши мумкин.