Парвозлар кечиктирилганда ташувчи жавобгар бўладими?
Қонунчиликда ташишдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаган ёки тегишли суратда бажармаган тақдирда, ташувчи учун шартнома юзасидан келиб чиқадиган жавобгарлик белгиланган.
Агар ташувчи кечикишнинг олдини олиш учун барча чораларни кўрганлигини ёки бу чораларни кўришнинг иложи бўлмаганлигини исботлаб бера олса, ташувчи йўловчи ташишнинг кечикканлиги учун жавобгарликдан озод қилинади. Бироқ, парвознинг кечикиши ташувчининг хатти-ҳаракати ёки эҳтиётсизлиги натижасида юзага келса у йўловчи олдида жавобгар ҳисобланади. Зарар миқдори ташиш қоидаларига мувофиқ аниқланади.
Ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда йўловчи кимга ва қанча муддатда мурожаат қилиши лозим?
Мазкур ҳолатда йўловчи томонидан, биринчи навбатда, ташувчи бўлган тегишли авиакомпания олдига оғзаки ёки ёзма тарзда талаб қўйилиши лозим (талабни ёзма тарзда расмийлаштириш тавсия этилади). Талаб даъвогарнинг хоҳишига кўра парвоз бошланган ёки тугаган манзилда билдирилади. Йўловчи мамлакат ичкарисидаги ташишларда ташувчига талаб қилиш учун асос бўла оладиган воқеа рўй берган кундан эътиборан олти ойлик муддат ичида, жарима тўланиши тўғрисидаги даъволар эса — 45 кун ичида тақдим этилиши мумкин. Халқаро ҳаво транспортида ташиш бўйича талаб ва даъволарни бериш муддати эса, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва «Халқаро ҳаво транспортида ташишларга доир айрим қоидаларни бирхиллаштириш ҳақида»ги Варшава Конвенцияси (1929 йил) билан белгиланади.
Ташувчи талабни кўриб чиқиши ва унинг қаноатлантирилганлиги ёки рад этилганлиги ҳақида уч ой ичида йўловчига хабар қилиши шарт, бевосита аралаш ҳаво йўлларида ташишга ёки бир нечта ташувчи иштирок этаётган ташишга доир талаблар учун бу муддат олти ойдан, жарима тўлаш тўғрисидаги даъволар учун эса 45 кундан иборат.
Агар йўловчи ташувчининг қароридан норози бўлса, шундан сўнг, бевосита судга мурожаат қилиши мумкин. Мазкур ҳолатда даъво судга тегишли ҳаво кемасининг белгиланган манзилга қўнган, қўниши лозим бўлган ёки парвози тўхтатилган кундан кейин икки йил ичида тақдим этилиши лозим.
Етказилган зарар миқдори қандай белгиланади?
Мазкур ҳолатда зарар миқдори парвоз купони нархидан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланади.
Шунингдек, йўловчига етказилган зарар учун ташувчи томонидан қуйидаги бепул қўшимча хизматлар кўрсатилади:
⇒ бир маротаба телефон орқали гаплашиш ёки телеграмма юбориш ёки бошқа алоқа хизматларидан фойдаланишни таъминлаш;
⇒ парвозгача кутиш даврида ёки транспортнинг бошқа тури орқали ташишгача бўлган вақтда озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;
⇒ ташувчи қоидаларида белгиланган муддат кутиш вақтидан кўра кўпроқ бўлса, меҳмонхона билан таъминлаш;
⇒ кутиш вақтида транспорт орқали аэропортдан вақтинчалик яшаш жойигача элтиб қўйиш ва қайтишни таъминлаш;
⇒ чиптада назарда тутилган туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш.
Йўловчи етказилган зарар учун тўловлар миқдоридан норози бўлса, юқорида келтирилган тартибда ва муддатларда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.