Платформада жиноятларнинг объектив ва субъектив сабаблари, уларни бартараф этиш чоралари, масъул идоралар ва мансабдор шахслар ҳақидаги маълумотлар электрон реестрда юритилади. Кўрилган чоралар натижалари ойлик, ярим йиллик ва йиллик даврлар бўйича автоматик назорат қилинади.
Тизим ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида ярим йиллик ва йиллик прогнозларни шакллантиради. Натижалар асосида криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрсатилган хабарномалар юборилади.
Платформа 2027 йил охирига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида синов тариқасида ишга туширилади. 2028 йилдан бошлаб уни мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш чоралари кўрилади.
Ҳар йили аҳоли ўртасида жиноятдан жабрланиш ҳолатларини ўрганувчи миллий виктимологик сўров ўтказилади. Алоҳида ижтимоий сўровда аҳоли ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончи ўрганилади.
Ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, муқаддам судланган шахслар, пробация ҳисобида турганлар ва «қизил» тоифадаги маҳаллалар бўйича ҳар йили манзилли криминологик тадқиқотлар ҳам ўтказилади.
Ҳуқуқий асос — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 ноябрдаги ПФ–241-сон фармони.