Ўқув курси «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш» грант лойиҳасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилди. Очилиш маросимида «Мадад» ННТ ижрочи директори Шакир Камалович Саидов ва SDC Ҳамкорлик бўлими раҳбари ўринбосари Урсула Келлер Алаззави лойиҳанинг мақсади, устувор йўналишлари ва кутилаётган натижалари ҳақида сўз юритдилар.
Курсда эгалланган билим ва тажриба республиканинг 14 ҳудудида ўтказиладиган тренинглар орқали маҳаллий ННТ вакилларига етказилади.
Биринчи кун машғулотларини Адлия вазирлигининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси мутахассислари олиб бордилар. Дастлаб ННТлар фаолиятининг конституциявий ва қонунчилик асослари, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, устав ва таъсис ҳужжатларига ўзгартириш киритиш тартиби тушунтирилди. ННТ раҳбари ва бошқарув органларининг ваколатлари, таъсисчилар ҳамда аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам кўриб чиқилди.
Кейинги машғулот ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати, расмий ҳужжатларни юритиш, хорижий маблағлар билан ишлашга доир талаблар ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш масалаларига бағишланди. Мутахассислар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Иштирокчилар машғулотларда муҳокама қилинган ҳуқуқий талабларни ННТларнинг кундалик фаолиятида қўллаш бўйича тажриба алмашдилар.
Дастурга кўра, 10 ноябрь куни машғулотлар халқаро грантларга ариза тайёрлаш, лойиҳа бюджетини шакллантириш, хатарларни баҳолаш ва маблағ жалб қилиш мавзулари билан давом этади.

