Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Касбий таълимни ривожлантириш жамғармасининг фаолияти тартибга солинди

  • 21.04.2025
  • 110 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (245-сон, 19.04.2025 й.) билан “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низом Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.

Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади, жумладан:

  • касбий таълим ташкилотларининг ўқув-методик таъминотини мустаҳкамлаш, ўқув адабиётларини яратиш, чоп этиш ва уларнинг китоб фондини тўлдириш;
  • “Касбий таълим” платформасини ишлаб чиқиш ва унинг лозим даражада ишлашини таъминлаш;
  • педагог кадрлар ёки ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган республика танловлари ғолибларини тақдирлаш ва рағбатлантириш.

Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Кенгаш ташкил этилади.

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарларни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
 

Chat