Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтиришга кўмаклашиш мақсадида “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот тизими ишлаб чиқилди.
2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармон билан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг янги тартиби жорий этилди.
Шу асосда Адлия вазирлиги томонидан республиканинг барча туман ва шаҳарларида ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинмоқда.
Шу кунларда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ва унинг жойлардаги ҳуқуқий маслаҳат бюролари адлия органи ходимлари билан ҳамкорликда “Ҳар бир ёшга ҳуқуқий мадад” акциясини ўтказмоқда.
2025 йилнинг 25 апрелидан 25 майига қадар таълим муассасаларида ўтказиладиган акцияда ёшларнинг ҳуқуқий билимлари оширилади. Шу билан бирга, уларга бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари тушунтирилади.
Акциянинг илк кунларида ўтказилган тадбирларда 5 мингдан зиёд талаба ва ўқувчилар қамраб олинди. Турли форматдаги тренинг ва семинарлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, мутахассислар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди.
Акция доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.