Хусусан, “Мадад” ННТ ижрочи директори Ш.Саидов меҳмонларга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди ҳамда “Аdvice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали фуқаролар онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун яратилган имкониятлар, порталга жойлаштирилган маълумотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.
Бундан ташқари, учрашувда “Мадад” ННТ Япония Aдлия вазирлиги билан бир қатор йўналишларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлиги билдириб ўтилди.
Жумладан, қонунийликни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан, ҳуқуқий ахборотларни етказиш ва унинг тарғиботини амалга ошириш жараёнида ННТлар иштирокини кучайтириш ҳамда рақамли ҳуқуқий хизматлар соҳасида Япония тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.