“Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент қарори (ПҚ-153-сон, 30.04.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланди.
Ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устувор вазифаси сифатида кўрсатилди.
Шунингдек, кибержиноятни содир этишда ўз номидаги банк картаси, банк ҳисобрақами, SIM картаси ҳамда электрон ҳамёнидан фойдаланишга йўл қўйган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Банклар, тўлов тизими операторлари ҳамда тўлов ташкилотларининг ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида келиб чиққан моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш тартиби жорий этилади.