Маркировка нега керак?
Рақамли маркировка – маҳсулотнинг “шаҳодатномаси”. Унга қараб товар қаердан келгани, ким ишлаб чиқаргани, қандай тарзда сотилаётгани тўғрисида тўлиқ маълумот олиш мумкин. Бу орқали:
– қалбаки ва контрафакт маҳсулотлар бозордан чиқиб кетади;
– истеъмолчи фақат ҳақиқий ва сифатли маҳсулотни сотиб олади;
– тадбиркор қонун доирасида ишлаётганини тасдиқлайди ва ўз бизнесини ҳимоя қилади.
Тадбиркорлар учун қандай енгилликлар жорий этилди?
Қарор биринчи навбатда тадбиркорлар учун енгилликлар яратишни кўзда тутади. Жумладан:
– маркировка кодини маҳсулотга қўллаш учун аввал белгиланган 90 кунлик муддат бекор қилинди;
– код учун тўлов эндиликда уни қўллаган пайтда амалга оширилади;
– агрегация кодлари бепул берилади, натижада тадбиркор харажатлари қисқаради;
– куну тун ишлайдиган “Call-марказ” фаолият бошлаб, тадбиркорларни қийнаётган саволларга тезкор жавоб беради.
Дориларнинг ноқонуний айланмаси чекланади
Тиббиёт соҳаси инсон ҳаёти билан бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам ундаги ҳар бир қадам, айниқса дори воситаларининг айланмаси шаффоф, тўлиқ назоратда ва ишончли бўлиши керак. 2025 йил 1 июлдан жорий этиладиган янги тартиб айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Эндиликда Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган дори воситалари импорт қилувчи ташкилотлар томонидан фақат электрон ҳисобварақ-фактура асосида тарқатилади.
Улар маҳсулотни тўғридан-тўғри ёки ўзининг расмий дилерлари орқали, улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга етказади. Бу орқали ҳар бир қадамда “рақамли из” қолади, махфий келишувлар ёпиқ эшиклар ортида эмас, тизим орқали юз беради.
Яна бир муҳим янгилик рақамли маркировкаланган маҳсулотлар улгуржи тарзда фақат нақд пулсиз шаклда сотилади. Бу эса яширин иқтисодиётга йўл қолдирмайди.
Қоидалар бузилса ҳам, тизим инсонпарвар!
2025 йил 1 сентябрдан мажбурий рақамли маркировка талабларига риоя этмаслик солиқ хавф даражасини оширадиган омил сифатида баҳоланади. Яъни, ким тизимни четлаб ўтишга уринса, у нафақат ҳуқуқий, балки солиқ нуқтаи назаридан ҳам хатарли тоифа сифатида қаралади.
2026 йил 1 январдан эса рақамли маркировка қоидаларига риоя этилишини масофавий солиқ текшируви орқали кузатиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу текширувлардаги инсон омили, рейдлар ёки юзма-юз дафтар текширишлар давридан воз кечиб, рақамли технологиялар орқали одилона, тезкор ва очиқ назорат қилишга ўтишни англатади.
Текширув натижасида рақамли маркировка талаблари бузилгани аниқланса, тадбиркорга аввал огоҳлантириш берилади. Бу муаммони бартараф этиш имкони, яъни жазо эмас, тузатиш учун имконият дегани. Аммо иккинчи марта шунга ўхшаш ҳолат кузатилса, унда белгиланган тартибда жарима қўлланилади.
Ушбу механизмлар бизнес муҳитини соғломлаштириш ва ҳалол рақобат учун жуда муҳим восита ҳисобланади. Қонуний иш юритаётган тадбиркорлар учун бу талаблар ҳеч қандай хатар солмайди, аксинча, уларни ноқонуний рақобатчилардан ҳимоя қилади.