7 август куни – "Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Ш.Саидов Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) "Яхши бошқарув" дастури лойиҳа раҳбари Виктор Кесслер ҳамда маслаҳатчи Баҳодир Умархонов билан муҳим учрашув ўтказди.
Учрашув давомида "Мадад" ННТнинг асосий фаолият йўналишлари, фуқароларга кўрсатилаётган бепул юридик ёрдам, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Музокаралар давомида GIZнинг Ўзбекистондаги давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари атрофлича муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, GIZнинг мазкур йўналишлардаги эзгу мақсадлари "Мадад" ННТнинг миссияси – яъни жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш – билан тўлиқ уйғун экани қайд этилди.
Учрашув якунида, икки ташкилот ўртасида юқорида қайд этилган устувор йўналишларда келгусида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олинди.
Ушбу ҳамкорлик фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, давлат хизматларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва мамлакатда ҳуқуқий давлат принципларини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшиши кутилмоқда.